Апрель ойи пойтахтимиз мезбонлик қиладиган йирик мусобақалар орасида оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатига бўлган қизиқиш катта. Мусобақа Токио-2020 Олимпия ўйинларига рейтинг очколарини бериши боис ҳар бир жамоа асосий таркиб билан иштирок этади. Ушбу мақоламизда мусобақага оид қизиқарли маълумотларни ҳавола қиламиз.

Ҳозирда мусобақа учун талабномалар қабул қилиш вақти якунланган бўлиб, 30 дан ортиқ давлатдан 246 нафар иштирокчи рўйхатдан ўтказилган. Улар орасида энг катта делегация Хитойга тегишли бўлиб, Чин ўлкаси вакиллари 20 нафар атлет билан Тошкентга келади.

Давлатлар: 30+
Спортчилар сони: 246
Эркаклар: 141
Аёллар: 105

Энг катта делегациялар:
Хитой: 20
Ўзбекистон: 18

Юлдузлар
Мусобақада терма жамоалар асосий таркиби билан иштирок этаётгани боис, чемпионатнинг «ташриф қозоғи»га айланган бирор спортчини алоҳида кўрсатиб бўлмайди. Ҳар бир вазн тоифасида ўзига яраша кучли ва маҳоратли атлетлар жам бўлган. Келинг, медалларга даъвогар ҳамюртларимиз ва улар билан рақобатлашадиган энг таниқли спортчиларга назар ташласак.

-55 кг:
Муаттар Набиева (Ўзбекистон)
Ляо Цюнь (Хитой) – 2019 йилги жаҳон чемпиони
Ли Яцзюнь (Хитой) – 2 карра жаҳон чемпиони (2013, 2018)
Зульфия Чиншанло (Қозоғистон) – 3 карра жаҳон чемпиони (2009, 2011, 2014)

-67 кг:
Адҳамжон Эргашев
Чэн Лижун (Хитой) – 4 карра жаҳон чемпиони
Хуан Миньхао (Хитой) – жаҳон чемпионати совриндори
Фэнь Лудонг (Хитой) – жаҳон чемпионати совриндори
Изоҳ: Хитой жамоаси бу вазнда 3 иштирокчини рўйхатга киритган. Мусобақада бир давлатдан максимум 2 иштирокчи қатнашиши мумкин. Якунда қайси спортчи иштирок этиши мусобақадан аввал маълум қилинади.

-73 кг:
Кумушхон Файзуллаева
Ванли Чжан (Хитой) – жаҳон чемпиони (2018)

-81 кг:
Муҳаммадқодир Тоштемиров
Люй Сяозюнь (Хитой) – Лондон-2012 Олимпиадаси чемпиони, Рио-2016 Олимпиадаси кумуш медаль соҳиби, 5 карра жаҳон чемпиони
Дайин Ли (Хитой) – 2 карра ЖЧ совриндори

-89 кг:
Сарварбек Зафаржонов ва Ҳакимжон Шамсиддинов
Киануш Рустами (Эрон) – Рио-2016 чемпиони, Лондон-2012 кумуш медаль соҳиби, 2 карра жаҳон чемпиони.

-96 кг:
Қурбонмурод Намозов
Фарес Элбах (Қатар) – 2 карра жаҳон чемпионати совриндори
Суҳроб Моради (Эрон) – Рио-2016 чемпиони, 2 карра жаҳон чемпиони
Тянь Тао (Хитой) – Рио-2016 кумуш медаль соҳиби, жаҳон чемпиони

-109 кг:
Руслан Нурудинов ва Акбар Жўраев
Ян Чжэ (Хитой) – 2 карра ЖЧ совриндори
Али Ҳошими (Эрон) – 2 карра жаҳон чемпиони

+87 кг:
Долера Давронова
Чжоуюй Ван (Хитой) – 2 карра жаҳон чемпиони

Эслатиб ўтамиз, ушбу спорт турида етакчилар саналган Таиланд жамоасининг кўп вакилларидан допинг аниқлангани боис бутун жамоа ҳар қандай мусобақадан, ҳатто Олимпия ўйинларидан четлатилган. Регламентга кўра, Хитой жамоаси Олимпия ўйинларида 8 нафар (4 эркак ва 4 аёл) спортчи билан иштирок этиши мумкин. Шу боис, хитойлик спортчилар Олимпия ўйинларида қатнашувчи таркибдан жой олиш учун бор имкониятларини ишга солишлари аниқ. Шундай экан, баҳслар ўта кескин ва муросасиз кечишига шубҳа йўқ. Барча оғир атлетика ишқибозларини 17-25 апрель кунлари “Ўзбекистон” спорт мажмуасида ўтадиган беллашувларни томоша қилишга ва ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлашга таклиф этамиз.

МОҚ матбуот хизмати..